
“Hamkorbank” АТБ ва “А-Pay” электрон маблағлар эмиссияси бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳани ишга туширишини эълон қилди. Ушбу қадам фойдаланувчилар учун ҳисоб рақамлари ўртасида пул маблағларини осон ўтказиш, товар ва хизматлар учун тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш, шунингдек, бошқа фойдаланувчилардан тўловларни қабул қилиш имкониятини тақдим этиш орқали молиявий операцияларни соддалаштириш ва тезлаштиришга йўналтирилган.
Электрон пуллар бу — рақамли форматда ишлатиладиган муқобил қиймат. Виртуал ҳамёнлар банк картасисиз тўловларни амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, тўлов қилиб, кешбэк ҳам олиш мумкин, бу эса кўплаб фойдаланувчилар учун жуда қулай.
Лойиҳа шаффоф ва самарали молиявий тизимни яратиш орқали Ўзбекистонда молиявий инклюзия ва рақамли трансформацияни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Иккала компания раҳбарлари лойиҳанинг муваффақиятли жорий этилишига ишонч билдирмоқда ва унинг рақамли тўловлар бозорини ривожлантириш учун муҳимлигини таъкидлашмоқда. “Электрон пуллар бу — молиявий хизматларнинг келажаги саналади ҳамда Hamkorbank билан ҳамкорлигимиз А-Pay’нинг молиявий технологиялар соҳасида илғор компания мавқейини янада мустаҳкамлайди”, – дейди А-Pay бош директори Андрей Ко.